Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни бўлиб ўтаётган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айрим давлат раҳбарларининг сўзларига муносабат билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

“Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди.

Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз.

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз”, — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Қозоғистондаги тартибсизликларга бағишланган йиғилишини ўтказганди.

Унда Беларусь президенти Александ Лукашенко ўз нутқида “Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак. Акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган”, деган жумлаларни келтирганди.

Шундан сўнг бу ҳолат ўзбекистонлик фаолларда норозилик келтириб чиқарди.

Шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти марказининг етакчи мутахассиси Станислав Притчин Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилишини маълум қилди.

“Масалага глобал ёндашадиган бўлсак, албатта, вазиятга таъсир кўрсатиш мумкин. Аммо Ўзбекистонда амалдаги вазият Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилади: у ерда Қозоғистонда кузатилгани каби бирор сиёсий қарама-қаршиликлар кузатилмаяпти”, — деди Притчин.

Притчиннинг фикрича, Ўзбекистонда вазият стабил: барча қарорлар баъзида жамоатчилик фикрини инобатга олмаган ҳолда қабул қилинса-да, улар халқ ҳаётини инобатга олган ҳолда қабул қилинади ва адекватдир.

Шунингдек, собиқ ҳиндистонлик дипломат ҳам бу бўйича ўз фикрларини келтириб ўтган. Винод Кумарнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия ёки Хитой билан чегарадош эмас, мамлакат ўзини ўзи таъминлай олади. Лукашенконинг сўзлари эса шунчаки Ўзбекистонни КХШТга аъзо қилишга қаратилган “таклиф”дир.

Насиб қилса: