Ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида мамлакатда ишлаб чиқарилган Aitu мессенжери Google Play иловалар дўконидан ўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. “Orda.kz” мухбири илова ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган “BTS Digital” компанияси билан боғланди.

Хабарда “Dr.Web” антивирус дастурлари ишлаб чиқарувчиси таҳлилчилари ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни аниқлагани айтилган. Хусусан, бу илова (Aitu) фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаши таъкидланган.

Нашр мухбири “BTS Digital” компаниясининг жамоатчилик билан алоқа бўлими билан боғланди. Мухбир билан суҳбатлашган мутахассис илова Google Play’дан ўчирилганини рад этди.

“‘BTS Digital’ маҳсулотларида хавфсизлик ёки муҳим заифликлар йўқ. Маълумотларнинг сизиб чиқиши қайд этилмаган. Фойдаланувчи маълумотлари Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ равишда бутун мамлакат бўйлаб ‘BTS Digital’ маълумотлар марказларида хавфсиз сақланади”, — деди мутахассис.

Таъкидланишича, “BTS Digital” мутахассислари “Dr.WEB” хизмати орқали Aitu иловасини синовдан ўтказган. Текширув натижаси ҳеч қандай таҳдид йўқлигини кўрсатган. “Шунингдек, расмий сўровга кўра, ‘Dr.WEB’ ўз мутахассислари компаниямиз маҳсулотлари ҳақида маълумот эълон қилмаганлигини ва улар зарарли эканлиги аниқланмаганлигини тасдиқлади”, — дея қўшимча қилган компания расмийси.

Маълумот учун, Aitu мессенжери онлайн режимда хабар юбориш функциясига эга. Шу орқали Қозоғистондаги тартибсизликлар давомида интернет ўчирилишига қарамай, мессенжер ишлаб турган.

Насиб қилса: