Қозоғистон биринчи президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ўзи аъзо бўлган парламент қуйи палатаси ялпи мажлисига келмади. “У ковид юқтириб олгани учун 3 январдан буён таътилда”, — деди Назарбоеванинг ёрдамчиси Жанна Ермекова “Orda.kz” мухбирига.

Шунингдек, у Дариға Назарбоева “Олмаотадаги уйида”лигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, айрим ҳолларда бу намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга айланиб кетди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев  мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди, комендантлик соати жорий қилди, ҳукуматни истеъфога чиқарди ва мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўрнига Хавфсизлик кенгаши раҳбари этиб тайинланди. Тўқаев, шунингдек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)дан мамлакатга тинчликпарвар кучларни юборишни сўради.

Намойишлар чоғида Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этгани хабар қилинган эди. Назарбоевнинг матбуот хизмати унинг мамлакатда эканлигини ва Тўқаев билан алоқада бўлганини айтди. Назарбоевнинг ўзи омма олдига чиқмади ва ҳозирча ҳеч қандай баёнот бермади.

Насиб қилса: