Виза ва фуқаролик олиш масалалари бўйича халқаро консултатив марказ — Henley & Partners дунё мамлакатлари паспортининг анъанавий йиллик рейтингини эълон қилди.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси берган маълумотлар асосида тузилган рейтингда давлатларнинг фуқаролик паспорти ўз эгасига нечта мамлакатга аввалдан виза олмасдан (умуман виза олмасдан ёки етиб борганидан кейин виза олган ҳолда) кириб бориш имконини бериши инобатга олинган (виза бўйича вақтинчалик чекловлар ҳисобга олинмаган).

2022 йилги индексда Ўзбекистон Ҳиндистон ва Мали билан бирга 86-ўринни қайд этган. Ушбу учта мамлакат фуқаролари 52 та давлатга аввалдан виза олмай кириб боради.

Ўзбекистон паспортининг Henley Passport Index бўйича охирги йиллардаги позицияларида сезиларли ўзгариш бўлмаган:

  • 2016 йилда 52 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2017 йилда 53 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2018 йилда 59 та давлатга визасиз бориш имкони, 82-ўрин;
  • 2019 йилда 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2020 йилда 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2021 йилда 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 92-ўрин;
  • 2022 йилда 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 86-ўрин.

Марказий Осиё республикаларининг паспортлари рейтингида Қозоғистон етакчилик қилмоқда. Минтақа рейтинги қуйидагича:

  • 68-ўрин. Қозоғистон — 75;
  • 80-ўрин. Қирғизистон — 63;
  • 84-ўрин. Тожикистон — 59;
  • 86-ўрин. Ўзбекистон — 57;
  • 91-ўрин. Туркманистон — 52.

Охирги беш йил ичида рейтингда Япония ва Сингапур паспортлари етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. Henley компанияси маълумотларига кўра бу икки давлат фуқаролари 192 та давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

2022 йилда ҳам, одатдагидек, рейтингда юқори ўринларни, асосан, Европа Иттифоқи давлатларининг паспортлари банд қилган:

  • 1-ўрин. Япония, Сингапур — 192 та давлат;
  • 2-ўрин. Германия, Жанубий Корея — 190 та давлат;
  • 3-ўрин. Финландия, Италия, Люксембург, Испания — 189 та давлат;
  • 4-ўрин. Австрия, Дания, Франция, Нидерландия, Швеция — 188 та давлат;
  • 5-ўрин. Ирландия, Португалия — 187 та давлат.

Собиқ иттифоқ республикалари орасида Литва (182 та давлатга визасиз бориш ҳуқуқини беради), Эстония ва Латвия (181 та давлат) паспортларининг обрўси жуда юқори.

БАА паспорти билан 175та давлатга, Исроил паспорти билан эса 159 та давлатга берухсат кириб боравериш мумкин.

Украина паспорти 141 та давлат, Россия паспорти 119 та давлат, Туркия паспорти эса 110 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқини беради.

Рейтингни 26 та давлатга визасиз кириш имконини бериши билан Афғонистон паспорти якунлаб беради. Ундан аввалги ўринларда Ироқ (28), Сурия (29), Покистон (31) ва Яман (33) фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар қайд этилган.

Насиб қилса: