Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Абдулла Арипов Алихон Смаиловни Қозоғистон бош вазири лавозимига тайинлангани билан табриклаган. Томонлар стратегик шерикликни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Алихон Смаиловни Қозоғистон бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади
Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати

“Қозоғистон ҳукумати қардош Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш йўлига қатъий содиқдир. Аввал эришилган келишувларни амалга оширишдаги аҳдимиз қатъий. Ишончим комилки, икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги режалар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилади”, — дейди Смаилов.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан ҳисобланади. Марказий Осиёдаги бутун минтақавий савдонинг 70 фоизи ушбу икки мамлакат ҳисобига тўғри келади. Икки томонлама савдо ҳажми 2021 йилнинг 10 ойида 3,26 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга кўп демак. 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларининг бешлигига кириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 11 январь куни парламентдаги чиқиши чоғида Алихон Смаиловни бош вазир этиб тайинлашни таклиф қилди. Унинг номзоди депутатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Маълумот учун, Алихан Смаилов Асханович 1972 йил 18 декабрда Олмаота шаҳрида туғилган. У 1994 йилда ал-Фаробий номидаги Қозоғистон давлат миллий университетининг амалий математика мутахассислигини тамомлаган. 1996 йилда эса Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Қозоғистон менежмент, иқтисодиёт ва прогнозлаш институтида давлат бошқаруви магистри даражасини олган.

Насиб қилса: